Читать онлайн «Алвидо, қурол»

Автор Хемингуэй Эрнест Миллер

Эрнест Хемингуэйнинг

Алвидо, қурол!

Бу китоб Парижда, Ки-Уэстда, Флоридада, Пиггота, Арканзас, Канзас-Сити, Миссури, Шеридан, Вайомингда ёзилди; 1929 йил кўкламида Парижда сўнгги таҳрирдан чиқарилди.

Биринчи вариантни ёзаётганимда Канзас-Ситида ўғлим Патрик туғилди, уни онасининг қорнини кесиб олдилар. Мен Оук-Паркда, Иллинойсда, сўнгги вариант устида ишлаётганимда отам ўзини отиб қўйди. Бу китобни тугатганимда ҳали ўттизга кирмагандим, у биржада буҳрон рўй берган кун дунё юзини кўрди.

Мен доим, отам шошди, деб ўйлайман, бироқ, балки унинг сабр косаси тўлиб кетгандир. Отамни ниҳоятда севардим, шунинг учун у ҳақда бир нарса деб мулоҳаза юритишим лозиммас.

Мен барча ушбу воқеаларни ва ўзимиз яшаган жойларни, ўша йили бўлган яхши-ёмон гапларнинг ҳаммасини эслайман. Лекин ҳаммасидан ҳам китобда яшаган ҳаётимни, ўзим кунба-кун тўқиб чиқарган ҳаётни яхшироқ хотирлайман. Шу мамлакат, шу одамлар ва уларнинг бошдан кечирганларини тўқир эканман, дунёда мендан ҳам бахтлироқ одам йўқ эди. Ҳар куни мен ёзилганларни бир бошдан ўқиб чиқар ва шундан сўнг давом эттирар ва ҳар куни яхши ёзиб турганимда, бундан бу ёғига нима ёзишим маълум бўлган бир пайтда ишни тўхтатар эдим.

Китоб фожиа билан тугаётгани мени ранжитмасди, чунки, мен умуман ҳаёт – фожиадан иборат, унинг ҳамма кўчалари бир жойга олиб боради, деб билардим. Бироқ ёза олишингдан, ёзганда ҳам ҳаққоний қилиб, кейин ўзинг ўқиганда ҳам лаззатланадиган қилиб ёза олишингдан ва ҳар кунингни мана шу ёқимли иш билан бошлашдан қувончлироқ нарса йўқ бўлса керак.

Бунинг олдида бошқа ҳамма нарса арзимас гаплардир.

1926 йилда бир романим чиққан эди. Лекин уни ёзган пайтларим ҳали роман устида қандай ишлаш кераклигини мутлақо билмасдим: мен жуда ҳам тез ёзар ва айтадиган гапим қолмагандагина тўхтардим. Шунинг учун биринчи варианти жуда ҳам ёмон чиқди. Мен уни ярим йилда ёзиб тугатдим, кейин мутлақо қайтадан кўчириб чиқдим. Лекин қайта ишлаётганда мен жуда кўп нарсаларни ўргандим.

Ноширим, Чарльз Скрибнер отларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, нашриёт ишлари ҳақида нимани билиш керак бўлса, барини, эҳтимол, билса ҳам керак, ўрганмаган қулоққа гарчи ғалати эшитилса-да, китобларни ҳам унча-мунча тушунади, мендан безакларга қандай қарайсиз, китобингизни безакли қилиб чиқарсак, розимисиз, деб сўраб қолди. Агар рассом ёзувчидай ўз ишининг устаси бўлмаса, бунга жавоб бериш осон бўлади, чунки ёзувчи ўзи жонли гувоҳ бўлиб кўрган-билган ҳодисаларни, мамлакатларни, нарсаларни булардан бехабар бир кимса томонидан билар-билмас акс эттирилишига сира рози бўлолмайди.

Агар мен воқеаси Багам оролларида кечадиган роман ёзганимда эди, мен унинг безакларини Уинслоу Хомер ишлашини истаган бўлардим, бироқ шундаям ундан бирон нарсани безашни эмас, Багам оролларини ва у ерда кўрганларини чизишни сўраган бўлардим. Агар мен Мопассан бўлганимда (қани эди, ундай бўлиш ўликларга ҳам, тирикларга ҳам насиб бўлса) мен ўз китобларимга безак сифатида Тулуз-Лотрекнинг расм ва суратларини, Ренуар умрининг ўртасида чизган айрим пленерларини олган бўлардим, Норманд табиати манзараларига эса ҳеч кимнинг қўлини урдирмаган бўлардим, чунки ҳеч бир рассом бунда у билан тенглашолмасди.