Читать онлайн «Чернобиль таваллоси»

Автор Светлана Алексиевич

Светлана Алексиевич

Чернобиль таваллоси

Биз ҳавомиз, тупроқ эмасмиз…

М. Мамардашвили

Тарихий маълумотнома

“Беларусь… Дунё учун биз terra incognito” – номаълум, ўрганилмаган заминмиз. “Оппоқ Россия” – мамлакатимиз номи инглиз тилида тахминан шундай жаранглайди. Чернобиль ҳақида ҳамма билади, фақат уни Украина ва Россия билан боғлайдилар. Биз ҳали ўзимиз ҳақимизда ҳикоя қилишимиз керак…”

“Народная газета”, 27 апрель, 1996 йил

“1986 йил, 26 апрель, соат 1 дан 23 дақиқаю 58 сония ўтганда қатор портлашлар Беларусь чегараси яқинида жойлашган Чернобиль АЭС 4-қувват бўлинмаси реактори ва биносини вайронага айлантирди. Чернобиль фалокати XX асрнинг энг улкан технологик фожиасига айланди.

Гарчи белорусларнинг ўзида бирорта атом станцияси мавжуд бўлмаса-да, кичкинагина давлат ҳисобланган Беларусь учун (аҳолиси 10 млн. киши) миллий ҳалокат эди. У ҳанузгача асосан қишлоқ аҳолисидан иборат аграр ўлкадир. Иккинчи жаҳон уруши йилларида немис фашистлари белоруслар заминида 619 та қишлоқни аҳолиси билан бирга яксон қилган эди. Чернобиль фожиасидан сўнг мамлакат яна 485 та қишлоқ ва шаҳарчаларидан жудо бўлди: уларнинг 70 таси ер остига абадий кўмилди. Урушда ҳар тўртинчи белорус ҳалок бўлганди, бугун уларнинг ҳар бешинчиси фалокат ҳудудида яшамоқда. Бу 2. 1 млн. инсон демакдир, улардан 700 мингтаси – болалар. Демографик сўнишнинг омиллари ичида радиация асосий ўринни эгаллайди. Гомель ва Могилёв вилоятларида (Чернобиль фалокатидан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар) ўлим ҳолатлари туғилишдан кўра 20 фоизга кўп.

Фалокат натижасида атмосферага 50х106 Кu радионуклид отилиб чиққан, уларнинг 70 фоизи Беларусга тушди: мамлакатнинг 23 фоиз ҳудуди1 Ku/км² зичликдаги кўпроқ цезий-137 радионуклиди билан заҳарланган. Таққослаш учун: Украинанинг 4. 8 фоиз ҳудуди, Россиянинг 0. 5 фоиз ери зарарланган. Заҳарланиш зичлиги 1 ва ундан юқори Ku/км² бўлган қишлоқ хўжалик ерлари ҳудуди 1. 8 млн. гектардан кўп, стронций-90 билан зичлиги 0. 3 ва ундан юқори Ku/км² – 0. 5 млн. гектар атрофидаги ер заҳарланган. 264 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқариб ташланди. Беларусь – ўрмонлар мамлакати. Бироқ Припять, Днепр, Сож дарёлари қайиридаги ўрмонларнинг 26 фоизи ва ўтлоқларнинг ярмидан кўпи радиоактив нурланиш ҳудудига тегишли…

Радиациянинг кичик дозадаги доимий таъсири натижаси ўлароқ, мамлакатда йилдан-йилга саратон касаллиги, ақли заифлик, асабий-руҳий парокандалик ва ирсий мутацияларга дучор бўлган беморлар сони ошмоқда…”

“Чернобиль” тўплами. “Белорусская энциклопедия”, 1996, 7-, 24-, 49-, 101-, 149-бетлар

“Кузатув маълумотларига қараганда, 1986 йил 29 апрелда – Польша, Германия, Австрия ва Руминияда, 30 апрелда – Швейцария ва шимолий Италияда, 1–2 майда – Франция, Бельгия, Нидерландия, Буюк Британия, шимолий Грецияда, 3 майда – Исроил, Кувайт, Туркияда юқори радиация ҳолати кузатилган.

Юқори баландликка отилган газсимон ва учувчи моддалар бутун дунёга тарқалган: 2 майда улар Японияда, 4 майда – Хитойда, 5 майда – Ҳиндистонда, 5 ва 6 майда эса АҚШ ҳамда Канадада қайд этилган.

Чернобиль глобал муаммога айланиши учун бир ҳафтадан камроқ вақт етарли бўлди…”